Кутубхоналар тарихи, бугуни
ва келажаги.
Таълим инсон учун жуда аҳамиятли ҳисобланиб,
бизнинг ҳурмат, кенг дунёқараш ва хатто яхши даромадга эга порлоқ келажагимизни
қуришда ёрдам беради. Кўп ва хўп билим соҳиби бўлиш амалга ошган мақсадлар ва
ушалган орзуларга тўла ҳаётга етаклайди. Инсон машаққат ва ғайрат билан илм
ўрганса, унинг бахтга эришишига ва ўзи ҳоҳлагандек яшашига халақит берувчи
тўсиқларни енгиб, ҳар қандай муаммони оқилона ҳал қила олади.
Таълим
муассасаларида ўқитилаётган ҳар бир фан ва улардаги ҳар бир мавзу ўқувчилардан
дарс вақтида эътиборлиликдан ташқари, ўз устида ишлаш ва изланишни талаб
қилади. Бу борада таълим муассасалари қошидаги ахборот ресурс марказлари ва
мустақил она заминимизда кўрк ва савлат тўкиб турган бир қанча бошқа
кутубхоналар бизга ёрдам беради. Кутубхоналар ўз устида мустақил равишда ишлаш,
ўзи учун фойдали ҳисобланган билимларни шакллантириш ва шунчаки мутолаа орқали хордиқ
чиқариш истагидаги инсонларнинг, айниқса, изланувчан ёшларнинг севимли
масканидир.
Кутубхоналарнинг вужудга келиши узоқ
тарихга бориб тақалади. Дастлабки кутубхоналар милоддан аввалги 2600 йилларда Месопатамияда вужудга келган экан. Бу
кутубхоналар сополга ёзилган ёзувлар архивидан ташкил топган бўлиб, архивларда
асосан тижорат шартномалари ёки рўйхатлар қўлёзмалари ҳамда қадим тарих ва ўша
замон тўғрисидаги маълумотлар бўлган. Мисрда папирус ёзувлари тўплами ҳам
юқоридаги кутубхоналарга ўхшаш бўлган. Инсоният тараққиётининг ҳар бир
босқичида кутубхоналар катта аҳамиятга эга бўлган. Масалан, классик даврда,
яъни милоддан аввалги 800 йиллардан милодий илк мингйиллигининг биринчи ярмини
ўз ичига олган даврда, кутубхоналар уларда сақланадиган адабиётлар,
биноларининг кўриниши кабилар жиҳатдан янги босқичга кўтарилган. Қадимги
дунёнинг энг катта ва аҳамиятли, буюк кутубхонаси бўлиб, милоддан аввалги 3 асрда
вужудга келган Мисрдаги Искандария кутубхонаси ҳисобланар
экан. Бу кутубхона Мисрда Птоломейлар ҳукмронлиги даврида бунёд бўлиб, милоддан аввалги 30-йилда уламоларнинг энг йирик маркази саналган.
Хусусий ва шахсий кутубхоналар қадимги Юнонистонда милоддан аввалги 5 асрда
пайдо бўла бошлаган. Умуман олганда, кутубхоналарнинг пайдо бўлиши, тарихдан
содир бўлиши керак бўлган ҳодисадир. Чунки инсон ақлий томондан ривожланишида
бундай масканларнинг ўрни беқиёс.
Кутубхоналарнинг тараққий этиши
натижасида улар ўзига хос равишда турларга ажратилган:
Жамоат кутубхоналари оддий оммага хизмат кўрсатиб,
улардан бир қанча муддатга – бир неча кун ёки ҳафтага китобларни уйга олиб
кетиш имкони бўлади. Одатда, бундай кутубхоналар “фойдаланувчи картаси” ни
жорий қилади. Бу турдаги билим манбаалари марказлари биз ёшлар ташриф
буюрадиган ва турли жанр, соҳага оид китоблар ва бошқа материалларни олишимиз
мумкин бўладиган маскандир. Хориж мамлакатларида бундай кутубхоналарга инсонлар бир ҳафтада камида бир маротаба
мурожаат қилади.
Миллий
ёки давлат кутубхоналари давлат аҳамиятига молик бўлган маълумотлар сақланадиган жой сифатида
таърифланади. Оммавий кутубхоналардан фарқли ўлароқ, уларда маҳфий ёки ўта ноёб
адабиётлар сақланганлиги учун китоблар вақтинчалик мижознинг ўзига берилмайди.
Ахборот кутубхоналари китоблар ёки бошқа буюмларни
қарзга бермайди. Аксинча манбаалар фақат кутубхона ҳудудида ўрганилиши керак
бўлади. Асосан, бу турдаги ресурс марказлари тадқиқот мақсадида таълим
муассасаларида ташкил этилган бўлади.
Жаҳон амалиётида яна тадқиқот
кутубхоналари, илмий, махсус, болалар ва электрон кутубхоналари ҳам мавжуд. XXI
асрда маълумотлар тўплаш учун интернетдан фойдаланиш ривожланиб кетди. Маълум
бир жойда ўтириб, шунчаки исталган маълумотни ёзиб қидирувга бериш инсонларга
кўплаб қулайликлар, вақтнинг тежалиши ва бошқа имкониятлар эшигини очди.
Бугунга келиб. ўнлаб квадрат метрларни эгаллаган тонна-тонна китоблар,
кафтингизда турадиган кичкина флеш хотирада жо бўлмоқда. Китобларнинг электрон
холатга ўтиши натижасида кутубхоналарда ўзимиз кўриб ўрганган китоблар сони
камаймоқда. Масалан, Коламбиа университетининг кутубхона тизимида 1991-2001 йиллар
давомида китоблар сони 54 % га камайтирилган.
2003 йилда берилган маълумотларга қараганда, 2002 йили бир миллионга яқин электрон китоб
сотилиб, салкам 8 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад келтирган. Интернет
компаниялари виртуал кутубхоналар яратишга киришиб кетган замонамизда глобал
тармоқда миллионлаб адабиётларни электрон вариантда излаб топиш, юклаб олиш ва
харид қилиш имкони мавжуд.
Замон билан хамнафас фаолият олиб
бораётган кутубхоналар хазиналари таркибида нафақат оддий, балки электрон
вариантдаги китоблар мавжуддир. Кўп кутубхоналарда катта китоб жавонлар ўрнини
компакт дисклар сақланадиган қутилар эгалламоқда. Кўчаларда эса бир неча китобларни кўтариб юрганларга эмас, “қайдлар китоби” ёхуд
“дафтар” маъноларини англатувчи ноутбуклар
кўтариб юрган инсонларга кўзимиз туша бошлади.
Бугунги кунга келиб энди кутубхоналарда нафақат китоблар, балки аудио ва видео
кўринишдаги манбаалар ҳам энг кўп фойдаланиладиган материалга айланиб улгурди.
Бир неча юз йилдан сўнг, ер юзида
яшайдиган инсонлар “китоб” деганда, варақланадиган қоғозлар тўпламидан иборат
буюм эмас, балки компакт диск, флеш карта ёки шунчаки бир компютердаги файлни
кўз олдиларига келтиришлари мумкин. Олис мозийда маълумотларни сопол, ўсимлик япроқлари, ҳайвон териси, тош ва бошқа шу кабиларга ёзиб
яратилган китоблар келажакда юқоридаги кўринишда булса ажаб эмас! Кутубхоналарнинг
эртаси тўғрисида гап кетганда, кўплаб инсонлар ахборот ва ресурслар сақловчи
марказлар биноларининг йўқ бўлиб кетиши хавфи ҳақида фикр юритади. Аммо нима бўлганда ҳам, билим ва унинг чироғи
бўлмиш китоб хеч қачон йўқолиб кетмайди. Улар борлиқ мавжудлиги билан боғлиқ бўлган
буюкликдир.
|
Комментариев нет:
Отправить комментарий